ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
06.01.2025 й.
N 1
ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ
ТАШКИЛОТЛАРИДА СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШ
ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали болаларга таълим ва тарбия бериш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини босқичма-босқич аутсорсинг усулида овқатлантириш тизимига ўтказиш;
"Ягона мавсумий таомнома"ни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисобини "Болалар боғчаси" мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритиш;
давлат мактабгача таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда - давлат МТТлари) тарбияланувчиларни "Ягона мавсумий таомнома" асосида республика ҳудудлари кесимида бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш харажатини белгилаш орқали овқатлантириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Вазирлик ҳузурида давлат муассасаси шаклида Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилсин.
Қуйидагилар Марказнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш;
овқатлантиришни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш;
аутсорсинг асосида соғлом овқатлантиришни ташкил этишда давлат харидларини амалга ошириш;
мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;
аутсорсер томонидан тайёрлаб берилаётган таомларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлигини ҳамда инвестиция мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг қилиш.
3. Белгилансинки:
а) Марказнинг чекланган бошқарув штат бирликлари сони 36 тани ташкил қилади ҳамда Вазирлик тизимининг умумий штат бирликлари доирасида шакллантирилади;
б) Марказ ходимларига Вазирлик ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
Бунда:
Марказ директорининг лавозим маоши Вазирлик департаменти директори лавозим маошига, директор ўринбосарининг лавозим маоши Вазирлик бошқарма бошлиғи лавозим маошига, таркибий бўлинмалар бошлиқларининг лавозим маоши Вазирлик бўлим бошлиғи лавозим маошига, бошқа мутахассис ходимларнинг лавозим маоши Вазирликнинг тегишли даражадаги мутахассислари лавозим маошига тенглаштирилади;
Марказга маҳаллий ва хорижий мутахассисларни тўғридан-тўғри фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этишга рухсат берилади;
в) Марказга давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг 1 фоизи йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш, ходимларни рағбатлантириш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ошхона жиҳозларини харид қилишга сарфланади;
Вазирлик икки ҳафта муддатда Марказ тўғрисидаги низомни тасдиқлаб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин.
4. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда махсус ахборот портали орқали давлат харидлари электрон тизимларида:
Марказ томонидан туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари номидан давлат харидлари жараёнини амалга ошириш учун давлат харидлари электрон тизимларида режа-жадвалларни жойлаштириш, харид ҳужжатларини электрон шаклда ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ҳамда эълон жойлаштириш;
Марказ томонидан ўтказилган давлат харидлари жараёнлари якунларига кўра туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ва ғолиб бўлган аутсорсерлар билан имзоланган электрон шартномаларни туман (шаҳар) ғазначилик хизмати бўлимларида рўйхатдан ўтказиш;
Марказ томонидан овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан давлат харидлари жараёнини амалга ошириш учун туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига келгуси давр учун аутсорсерларни белгилашда маблағлар бюджетдан режалаштирилмаган тақдирда, мазкур харидлар бўйича эълонларни жойлаштириш имкониятларини яратсин.
6. Давлат МТТлари тарбияланувчиларнинг соғлом, хавфсиз ва сифатли овқатланишини таъминлаш мақсадида:
а) 2025 йил 1 июлга қадар Вазирлик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги қўмитаси томонидан тасдиқланадиган "Ягона мавсумий таомнома" жорий этилади.
Бунда давлат МТТларида "Ягона мавсумий таомнома" асосида озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисоби "Болалар боғчаси" ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимига Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали автоматик тарзда юборилади;
б) давлат МТТларида "Ягона мавсумий таомнома" асосида бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш харажати ҳудудлар кесимида қуйидаги тартибда белгиланади:
республика ҳудудлари бўйича тегишли озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача бозор нархлари (қўшилган қиймат солиғи билан) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Вазирликка ҳар йили 1 сентябрга қадар тақдим этилади;
озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача бозор нархлари ҳамда "Ягона мавсумий таомнома"да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотлари меъёрларидан келиб чиқиб, Вазирлик томонидан ҳар бир ҳудуд бўйича бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш нархи шакллантирилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланади;
келгуси молия йили учун озиқ-овқат харажатлари учун маблағларни режалаштиришда, бир тарбияланувчи учун тасдиқланган кунлик овқатлантириш нархига истеъмол нархлари индекси коэффициенти қўлланилади.
7. Белгилаб қўйилсинки:
а) барча давлат МТТлари овқатлантиришни ташкил этиш усулидан қатъи назар, бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш нархига мажбурий тартибда риоя қилади.
Бунда молия йили давомида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари алоҳида ҳолатларда ошганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нархлар ошганлигининг аниқ сабаблари кўрсатилган таклифларига кўра давлат МТТларининг бир нафар тарбияланувчисини бир кунда соғлом овқатлантириш нархи Вазирлик ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин;
б) аутсорсер томонидан кўрсатилаётган хизмат бўйича таклиф ва шикоятлар жамоатчилик назорати ҳамда ота-оналар томонидан Марказнинг "QR-Feedback" ахборот тизими орқали киритиб борилади.
8. Вазирлар Маҳкамасининг "Мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2024 йил 18 декабрдаги 848-сон қарорининг 3-банди тўртинчи хатбошисидаги "2 фоиз" сўзлари "1 фоиз" сўзлари билан алмаштирилсин.
9. Вазирлик:
а) 2025 йил 1 мартга қадар бюджет харажатларини режалаштириш учун 2025 молия йилида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини ҳудудлар кесимида белгиласин;
б) 2025 йил 1 июлга қадар соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларида тадбиркорлик субъектлари билан белгиланган тартибда шартномалар тузилишини ва аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилишини таъминласин.
Бунда республика ҳудудлари бўйича тегишли озиқ-овқат маҳсулотларининг 2025 йил учун ўртача бозор нархлари (қўшилган қиймат солиғи билан) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Вазирликка 2025 йил 1 апрелга қадар тақдим этилади;
в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Белгилансинки, мазкур қарор ижроси учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутиб борилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Вазирлар Маҳкамасининг
2025 йил 6 январдаги
1-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
ўз кучини йўқотган деб эътироф
этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарорининг 2-банди учинчи хатбошиси ва 2-иловаси.
2. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 30 июндаги 407-сон қарори.
3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сон Фармони)" 2021 йил 19 ноябрдаги 694-сон қарорига 1-илованинг 65-банди "в" кичик банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)" 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 674-банди "б" кичик банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг "Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарорига 3-илованинг 22-банди.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 10 январь